Ҳамид Олимжон шеъриятида бахт мавзуи алоҳида ўринга эга. Шоирнинг бу мавзу тасвирига катта аҳамият берганининг боисини тушуниш учун қуйидаги сатрларга эътиборни қаратиш лозим. У ёзади:
Бахт топилмас хеч бир замонда,
Эл қул болса, бўлса яланғоч.
Жаннатларни яратган одам
Натижада ўзи қолса оч.
Қувонч шулким, толе ёр бўлиб
Бахтни топган элни кўролдим.
Асарларнинг қайғусин қарғап,
Шодлик ва бахт куйчини чолдим.
(“Бахт тўғрисида”)
Шоирнинг ўзбек халқининг жаннатларин яратган одамнинг совет даврида бахтга эришгани, пахтакор куллар бўлиб эмас, бахтиёр кишилар бўлиб яшаётганига чин дилдан ишонган. Ана шу ишонч туфайли у ўзининг лирик қаҳрамонини “Бахтиёр халқ”нинг бир тимсоли сифатида тасвирлайди. “Ўрик гуллаганда”, “Бахтимиз тарихига”, “Шодлик куйлаганимнинг сабаби” сингари шеърларида ёрқин мужассамланган ана шу қаҳрамон уруш бошланиши билан ватанпарварлик туйғуларига тўлиб тошади.
Ҳамид Олимжонни у яшаган замон ва макондан ажратиб олиш мумкин эмас. Лекин, шу билан бирга унинг санъаткор сифатида ўз даври худудларини ёриб чиқиб, умуминсоний ғоя ва туйғулар тараннумига келганига хам бефарқ қараб бўлмайди. Ҳамид Олимжон ХХ аср ўзбек шеъриятида Чўлпон ва Ойбекдан сўнг инсон рухий оламини нафис бўёқлар билан очишга катта эътибор берди. Унинг 1936 йилдан кейинги ижодида лирик қаҳрамонининг ички олами барча гўзал жилвалари билан акс этди.
1937 йил 23 мартда Қозоғистонда қардош халқларнинг қурултойи бўлиб ўтди. Ҳамид Олимжон Ўзбекистон хукумати делегацияси аъзоси сифатида бу анжуманда қатнашиб, Хасан Қайғи деган қозоқ оқининг фожиали қисмати билан танишди. Қор гиламлари остида ётган Олмаота билан хайрлашиб, Тошкентга қайтганида, унинг деразаси олдидаги бир туп ўрик чаман бўлиб очилган эди. Шоир ана шу икки манзара (қор-ўрик гуллари)ни ўзаро қиёслар экан, табиий равишда Хасан Қайғи билан ўзини ҳам беихтиёр солиштиради. “Мен ҳам Хасан Қайғидек бу дунёдан бахт нималигини билмай ўтаманми?” деган саволи уни изтиробга солади. Ана шундай шоирона таассуротлар ва кечинмалар самарасида туғилган “Ўрик гуллаганда” шеърида яна бахт мавзуи кўтарилади. Шеър лирик қаҳрамоннинг “Бахтим борми?” деган саволига жавобан еллар ҳам, қушлар ҳам, куртаклар ҳам “Бахтинг бор!” деб хитоб қилади. Бахтдан хабар берган овозлар ҳамма ёқни тўлдириб юборди:
Мана сенга олам-олам гул,
Этагинга сиққанича ол.
Бунда толе ҳар нарсадан мўл
То ўлгунча шу ўлкада қол…
Бу сатрларда тасвирланган гул – бахт муждаси, бахт тимсоли, чаман бўлиб гуллаган ўрик эса, аслида бахтли замоннинг образи. Аммо бу образ ўз харакатида, ривожида давом этиб, лирик қаҳрамонга бахт бера олувчи, унинг ҳаётига бахт нурини сочувчи илохий бир кучга ҳам айланади. Агар юқоридаги сатрларни эътибор билан ўқисак ана шу куч лирик қаҳрамон устидан бахт гулларини нисор этиб, “Этагинга сиққанича ол!” дер экан, “ол” сўзи “олам-олам” сўзларида акс садо беради ва бутун бандга сочилган “л” товушларида камон торларидек тебраниб, жаранглаб туради.
“Дарё тиниқ, осмон беғубор” шеърида ўзининг бахтиёр эканлигига ишонган ана шу лирик қаҳрамоннинг кечинмалари тасвирланган:
Бахтим борки, хар нарса гўзал
Кўриди менинг кўзимга…
Бу сатрлар Х.Олимжон шеъриятидаги романтик кайфиятнинг устиворлиги сабабларини ҳам, бу шеърнинг ғоявий йўналишини ҳам ифодалаб келади.
Бу шеърлардаги “Оппоқ қордир тоғларнинг боши” мисраси ўзбек ҳалқ оғзаки ижоди чашмасидан олинган. Болалик йилларидан фольклорга меҳр қўйган шоир 30-йилларнинг ўрталарида Фозил Йўлдош ўғли сингари бахшиларни қайта кашф этиб, уларнинг “Алпомиш” сингари алп достонларини нашр этишда қатнашди. У ана шу жараёнда Фозил Йўлдош ўғлининг бадиий оламига кириб борди, “Куйчининг ҳаёли” шеърида шоир ана шу ранг баранг қаҳрамонларга, бир-биридан мароқли воқеаларга бой оламни гавдалантириб берди.
Халқ оғзаки ижодида маҳбубанинг жанг майдонларида курашаётган ёр ортидан бориши тасвирланган асарлар оз эмас. Хамид Олимжон ҳам “Севги” шеърида ана шу анъанавий сюжетдан фойдаланган. Аммо бу шеърдаги ошиқ ва маъшуқа образлари Ватан уруши майдонларида ҳаракат этиши билан реал кишиларга айланади. Улар Ватан озодлиги ва мустақиллиги йўлида ҳалок бўлишлари мумкинлигини сезадилар. Лекин бу фожиали якун ҳам уларни мардлик ва жасорат йўлидан қайтармайди:
Буғдой юошоғидан кўкка интилиб,
Мен шунда турпоқдан кўтарарман бош.
Сенинг қонларингдан ўсар қизил гул,
Ёқутга айланар сойлардаги тош.
Дунёни ёритар бизнинг севгимиз,
Иккимиз хеч қачон ўлмасмиз асло…
Ҳамид Олимжоннинг бахти сурурида маст бўлган лирик қаҳрамонни мустақиллик учун курашда ўз бахтини ҳам, севгисини ҳам қурбон қилишга тайёр. Зеро, унинг учун шахсий фароғатдан кўра халқнинг, юртнинг тақдири, истиқлоли муҳимдир. Унинг бутун шеърий ижодида олға сурулган ғоялар шу нуқтага келиб, ўзаро туташади. Шоир гўзал инсоний туйғу ва кечинмаларни тасвирлаш жараёнида юксак бадиият давонларини забт этади. Унинг сўз ва тасвир воситаларидан фойдаланиш санъати ўз камолига етар экан, шеърлари фақат мусиқий равонлик ва ҳалқчилик касб этибгина қолмай, киши руҳига эстетик таъсир кўрсатувчи қудратга ҳам эга бўлади.
Матаева Лобар,
№6 С.Киров атындағы ЖОМ
КММ-нің өзбек тілі мен әдебиетінің
мұғалімі